Boshqa  |  Kontaktlar  |  Go'liblar


“TOSHKENT QUVONCHLARI” III XALQARO BOLALAR RASMLARI B`ENNALESI NIZOMI



I Умумий қоидалар
Халқаро Биеннале болалар бадиий ижодиётини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон болаларининг дунё мамлакатларидаги тенгдошлари билан ўзаро ижодий мулоқот ва турли маданиятлар ҳақида тасаввурни бойитиш, янги изланувчан ихтиро иқтидорларини аниқлаш, тасвирий санъат борасида ёш санъатсеварларнинг касбий кўникмаларини такомиллаштириш учун қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек, мактабгача ёшдаги, мактаб ёшидаги болаларнинг интеллектуал ўсишини рағбатлантириш, уларнинг Она-Ватани ва жаҳон тарихи ҳамда маданиятига қизиқиши, тасаввурини янада кенгайтириш мақсадида ўтказилади.

Ташкилотчилар: Ўзбекистон Бадиий Академияси, “Ўзбекистон маданияти ва санъати Форуми” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор манфаатдор вазирликлар ва ташкилотлар.

Иштирокчилар 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган мактабгача ёшдаги, мактаб ёшидаги болалар, жумладан имкониятлар чекланган болалар учун мослаштирилган мактаб-интернатлар ва Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари.

Танловга келиб тушган расмлар эгаларига қайтарилмайди. Ташкилотчиларнинг тасарруфида қолган бу ишлардан Ўзбекистонда ва чет элларда, жумладан тематик кўргазмалар ташкил этишда муаллифнинг номини кўрсатган ҳолда фойдаланилади.

Биеннале ўз рамзига эга. Ундан босма, совға маҳсулотлари тайёрлашда, мамлакат қонунчилигига мувофиқ белгиланган тартибда кўргазмалар ташкил этишда фойдаланилади.

Қуйидагилар асосий мавзулар ҳисобланади: “Болалик дунёси”, “Менинг Ватаним”, “Мен яшаётган олам”, “Менинг орзуим”, “Мен билган Ўзбекистон”. Биенналеда иштирок этиш учун ҳақ олинмайди.

Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи дирекция Болалар расмлари халқаро Биенналесини юқори ташкилий, ижодий савияда ўтказиш учун барча вазирликлар ва идораларнинг ишларини мувофиқлаштиради.

Халқаро Биенналени ташкиллаштириш 3 босқичда амалга оширилади:
1-босқич – чет мамлакатлар ва мамлакатимиздаги манфаатдор ташкилотларга тегишли реклама-ахборот материалларини жўнатиш.
2-босқич – ишларнинг келиб тушиши ва уларнинг сараланиши
3-босқич – кўргазмани ташкил этилиши, уни якунлаш ҳамда ғолиб ва совриндорларни аниқлаш, кўргазма каталогини чиқариш.

II Ҳайъат
Таниқли рассомлар, санъатшунослар, болалар ижодиёти соҳасидаги мутахассислар, бадиий таълимнинг таниқли педагоглари, хорижий фуқаролар, ижодкор зиёлилардан иборат ҳайъат танлов якунларини белгилайди.

III Совринлар
Гран-при Биенналенинг бош соврини ҳисобланади ва у диплом билан биргаликда битта иштирокчига топширилади.

Қуйидаги мукофотлар назарда тутилади:
Олтин медаль - диплом билан – 7 та
Кумуш медаль - диплом билан – 7 та
Бронза медаль - диплом билан – 7 та
Эсдалик медаллари – 50 дона

Ишлари кўргазмага қўйилган барча иштирокчиларга “Тошкент қувончлари” III Халқаро болалар расмлари Биенналесининг сертификатлари берилади.

Турли давлат ва нодавлат ташкилотлар, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари томонидан “Мавзуни энг яхши ёритганлиги учун”, “Касбий маҳорат учун”, “Ижодий ҳаёлот” ва бошқа йўналишлар бўйича рағбатлантирувчи соврин ҳамда мукофотлар таъсис этилган. 71 нафар энг изланувчан иқтидор эгаларини рағбатлантириш учун 2011 йилнинг ёзида бир ойлик халқаро болалар оромгоҳини, Ўзбекистон бўйлаб сайёҳатини ва таниқли рассомлар иштирокидаги “мастер-класслар”ини ташкил этиш ҳам назарда тутилади.

Тарбияланувчилари энг кўп совринли ўринларни эгаллаган ўқув юртлари ҳамда тўгараклар махсус дипломларга сазовор бўлади.

Boshqa  |  Kontaktlar  |  Go'liblar   
O'zbekistonda Tayerlangan
www.parusinfo.com